18 мая 2012 г.

Метродаги 30 дақиқалик ҳиссиёт

Тошкент метрополитени. Минор метробекати.



Дунёнинг ишлари қизиқ. Балки бу қизиқликда ҳам бир ҳикмат бордир. Боя, икки ўткир қалам соҳиблари: Ўткир Ҳошимов ва Ғофур Ғулом ёзган ажойиб ҳикояларни ўқиб қолдим. Тўғриси, шу вақтга қадар нимага адабиётга у даражада қизиқмаганим, муҳаббат қўймаганим учун ўзимга-ўзим ачиниб кетдим. Агар мертода бўлмаганимда, Ўткир Ҳошимов ёзган “Дунёнинг ишлари”даги ҳикояларни ўқиб туриб, тўғриси, йиғлаворган бўлардим.

Она ҳақидаги ҳикоялар ким томонидан янграмасин барибир ажойб бўлади. Оталар ҳақидагиси эса унданда ажиб бўлади. Мен ҳам оналар ҳақида ёзмоқчиман. Онам ҳақида ёзмоқчиман. Юқорида тилга олинган ёзувчиларимга “тенг келаман”, деб ўйламайман. Ўйламаганман ҳам. Улар ўзгача олам. Уларнинг қаламлари ўзгача. Уларнинг ҳиссиётлари ўзгача. Мен оддий бир қизиқувчан, бўлажак талабаман холос...


...Уйимизда мен энг кичик бўлганим туфайли, доим, онамга ёрдамчи бўлардим. Опамни узатганимиздан кейин эса деярли онамни ҳақиқий кўмакчиси бўлиб қолганман. Балки, кимларгадир кулгули туюлар, лекин уялмасдан айтишим мумкинки, онам билан бирга қўшилиб “кирлар” ювардик, овқатлар қилардик, уйимизни таъмирлардик. Биласиз бизда, хар йили деворларни "оқлаш" керак... Хуллас, ҳамма ишни бирга бажарардик...



Биласизми, Улар жуда меҳрибон! Жуда-жуда меҳрибон! Ҳаммани онаси хурмат қилган холатда айтаман, мени онамдақа меҳрибон она Сизларда йўқ!

Тошкентдалигимда телефонда гаплашсак, биринчи сўрайдиган нарсаси: “Болам қийналмаяпсанми?”, “пулинг тугаб қолмадими?”... Яқинда, аниқроғи, майни бошларида Онам билан гаплашиб қолдик. Яна шу саволни бердилар. “Ҳаммаси яхшилигини”, айтиб уларни тинчлантирдим. Кейин бирдан уйга кетгим келиб қолди. Уйга борсам онам касалхонада эканлар. Уч кун олдин мени кўргиси келиб уйдаги расмимга қараганини, “Абдуматал келмаганига анча бўлиб қолди а?”, деб айтганларини келинойимлар айтиб беришди. Жигарлари безовта қилибди. Худога шукур касаллари у даражада қўрқинчлик эмас экан. Борган кунимни ўзидаёқ касалхонага бордим. Бориб қучоқлаб қўлларидан ўпиб зиёрат қилдим. Дуо қилдилар. Узоқ дуо қилдилар...

...Онамнинг беғуборлигини таърифлаб бера олмайман. Уларнинг юзларидаги нурларини таърифлаб бера олмайман. Таърифлаб бера олмайман. Чунки таърифлашга тилим, ёзишга қўлим ожиз. Улар Аллоҳнинг назари тушган зотлар. Улар дунёдаги энг меҳрибон Оналар. Энг меҳрибон! Сизда ҳам шунақа она борми? Йўқ, мени Онамдақа Она Сизда йўқ. Сизда ўзиззи Онангиз бор. Улар бошқа олам. Мени Онам эса бошқа олам. Юқорида айтдим-ку, Сизни Онангизни ҳам хурмат қиламан деб...

Хуллас, шунақа ҳиссиётлар. 30 дақиқалик метродаги йўл, мени ҳаёлларимдан шунақа ҳиссиётларни ўтказди. Ўткир Ҳошимов ва Ғофур Ғуломовга бўлган хурматим янада ошди...

Кичик йигитдан кичик бир маслхат: Адабиётга қизиқинг. Ҳечдан кўра кеч. Адабиёт яхши нарса. У сизнинг яхшиликка, меҳр-муҳаббатга ўргатади. Албатта Қуръон ва ҳадисдан кейин.

Ва яна бир нарса, онангиз билан кўришганда доим уларни қўлларини ўпиб пешонангизга суртинг. Уларнинг шу қўллари сабаб жаннатга кириб қолармиз. Чунки бу қўллар, бизнинг ҳаққимизда доим дуода! Доим...

Комментариев нет:

Отправить комментарий